
Ўзбекистон ўзини Марказий Осиёнинг янги технология ва логистика маркази сифатида кўрсатмоқда ва халқаро компаниялар бунга эътибор қаратмоқда. ITF Group бош директори Сем Бурхан FreightWaves нашрига мамлакатнинг рақамли иқтисодиёти ўсиши ва АҚШ билан савдо алоқалари логистика ҳамда дастурий таъминот компанияларини Тошкентга жалб қилаётганини айтди.
Рақамларда IT Парк
IT Park Uzbekistan — Президент ташаббуси билан ташкил этилган, давлат қўллаб-қувватлайдиган технологиялар парки. Унда 600 дан ортиқ логистика ва юк ташиш компанияси расман рўйхатдан ўтган. DHL, Cisco, Coca-Cola ва Procter & Gamble каби глобал брендлар ҳам резидентлар қаторида. Резидентлар учун:
- IT компаниялари учун 0% солиқ ставкаси
- кўп тилли ёрдам ходимлари
- давлат қўллаб-қувватлайдиган фирибгарликка қарши ташаббуслар
АҚШнинг электрон тижорат ва юк ташиш компаниялари бу ерга арзон, инглиз тилини биладиган мутахассислар ва барқарор иш шароити учун келмоқда. Бурханнинг сўзларига кўра, аҳолининг 60 фоизи 30 ёшдан ёш, саводхонлик эса 99 фоизни ташкил этади — бу ёш дастурчиларнинг катта захирасини яратади. Мамлакат Ҳиндистон ва Филиппиндаги анъанавий аутсорсинг марказларига арзонроқ муқобил бўлишни мақсад қилган.
АҚШ билан савдо
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025-йил сентябрида Ню-Ёркка ташрифи чоғида 10 миллиард доллардан ортиқ савдо ва инвестиция келишувлари имзоланди. Энг йириги — Uzbekistan Airways’нинг 8 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги 22 тагача Boeing 787 Dreamliner самолётига буюртмаси. Boeing Транспорт вазирлиги билан авиация соҳасини ривожлантириш бўйича меморандум ҳам имзолади.
АҚШ Савдо вакили маълумотларига кўра, 2024-йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо 8,1 фоизга ўсиб, 1 миллиард долларга етди. Ўсишнинг асосий қисми техника, авиация эҳтиёт қисмлари ва рақамли хизматларга тўғри келди.
Логистика бозори учун бу кўпроқ рақамли воситалар, янги халқаро ҳамкорлар ва шаффоф, технологияга асосланган юк хизматларига талаб ортишини англатади.
Манба: FreightWaves

